Туркманистон президенти Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келади
Тошкент. 23 апрел. ЎзТАГ – 23-24 апрелда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Анъанавий дўстлик ва ўзаро ишонч муҳитида ўтадиган икки томонлама учрашувлар ва олий даражадаги музокараларда кўп қиррали Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари, долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар муҳокама қилиниши режалаштирилган”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.
Ташриф дастурида давлат раҳбарларининг Тошкент шаҳридаги Ашхобод паркининг очилиш маросимида иштирок этиши кўзда тутилган. Ушбу маскан мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатларининг ёрқин рамзларидан бирига айланиши кутилмоқда. Шунингдек, чегарадош Хоразм вилоятига ташриф ҳам режалаштирилган.
Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Туркманистон етакчи иқтисодий тузилмаларининг бизнес-форуми бўлиб ўтади.
“Музокаралар якуни бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, таълим ва спорт соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланиши кутилмоқда”, - деб хулоса қилинади хабарга.
Сурат манбаи: https://kun.uz/news/2016/06/04/turkmaniston-prezidenti-mamlakat-aolisi-ucun-imtiezlarni-bekor-kilisni-ilgari-surmokda?q=%2Fnews%2F2016%2F06%2F04%2Fturkmaniston-prezidenti-mamlakat-aolisi-ucun-imtiezlarni-bekor-kilisni-ilgari-surmokda