Туркманистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи самарали бўлди

Дата: 17:11, 09-10-2015.

Тошкент. 9 октябр. ЎзТАГ - Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга ташрифи ва унинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан музокаралари самарали бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, “ташрифнинг асосий тадбирлари 8 октябрь куни бўлиб ўтди”.

Кўксарой қароргоҳида Туркманистон президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов шоҳсупага кўтарилдилар. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Ислом Каримов ва Гурбангули Бердимуҳамедов тор доирадаги музокаралар чоғида мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама этдилар, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Маълумки, Ўзбекистон ва Туркманистон қўшни Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Икки давлат раҳбарлари Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашар экан, Афғонистонда ҳарбий куч ишлатиш йўли билан тинчлик ўрнатиб бўлмаслигини яна бир бор таъкидладилар. Терроризм, уюшган жиноятчилик, наркотрафик каби таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликка доир масалаларни ҳам муҳокама этдилар.

“Мамлакатларимиз трансчегаравий дарёлар сувидан фойдаланиш борасида ҳам бир хил ёндашувга эга. Сув-энергетика соҳасига оид масалалар халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёр ва тамойиллари асосида, минтақадаги барча давлатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, халқаро ташкилотлар иштирокида кўриб чиқилиши зарурлиги таъкидланди. Трансчегаравий дарёларда йирик гидроэнергетика иншоотлари қуриш масалаларига БМТнинг тегишли конвенциялари талабларига тўла риоя қилган ҳолда ёндашиш лозимлиги қайд этилди”, - дейилади хабарда.

Шундан сўнг президентлар мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирдилар. Унда савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда. Кейинги олти йилда бу кўрсаткич 3 баробар ўсиб, 2014 йил якунларига кўра $413 миллионни, жорий йилнинг январь-август ойларида $245 миллионни ташкил этди. Ўзбекистондан Туркманистонга транспорт воситалари, минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, электр ва механика ускуналари, металл буюмлар ва турли соҳадаги хизматлар экспорт қилинади.Туркманистондан Ўзбекистонга нефть маҳсулотлари, пропилен полимерлари ва бошқа кимёвий товарлар келтирилади.

Транспорт соҳаси ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналишидир. Ўзбекистон ҳудуди орқали Туркманистонга, Туркманистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга юк ташилади. Мамлакатларнинг ўзаро интеграциялашган автомобиль ва темир йўллари учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда. Шу жиҳатдан Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Уммон янги халқаро транспорт-коммуникация коридорини барпо этиш бўйича 2011 йили Ислом Каримов ташаббуси билан имзоланган битим геостратегик аҳамиятга эгадир.

Икки мамлакат президентлари оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда ушбу ташриф ўзаро ҳурмат, ишонч ва манфаатдорликка асосланган олий даражадаги самарали мулоқотнинг давоми бўлганини, икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама этиш, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашиш учун қулай фурсат яратганини таъкидладилар. Музокаралар очиқлик, ўзаро англашув ва ҳамжиҳатлик руҳида ўтгани, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Туркманистон халқлари манфаатлари йўлидаги серқирра ва дўстона муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: