“Туронбанк” ўзбек банки озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга 6,3 млрд сўм ажратди

Дата: 17:05, 31-05-2016.

Тошкент. 31 май. ЎзТАГ – 2016 йилнинг 4 ойида “Туронбанк” акционерлик-тижорат банки ички бозорни маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш бўйича лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлашга 6,3 млрд сўм кредит матлағлари ажратди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Банкдан маълум қилишларича, 2014 йилда ушбу мақсадларга жами 24 млрд сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2015 йилда 28,5 млрд сўмни ташкил қилди ва 18,3% ўсди. Маблағлар озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар, агрофермалар, фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектларига юқори технологик ускуналарни харид қилиш, чорвачиликни кенгайтириш, паррандачиликни ривожлантириш, хом-ашё ва материаллар сотиб олиш, иссиқхоналар яратиш (шу жумладан, лизинг шартларида) учун берилди.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон президенти томонидан 2009 йил 26 январда “Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинган.

Унга мувофиқ, “Туронбанк” АТБ томонидан республика аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини барқарор таъминлаш, ички истеъмол бозорини мамлакатимизда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари билан бекаму-кўст тўлдириш, асосан қишлоқ жойларда замонавий юқори унумли техника ва технология билан жиҳозланган қайта ишловчи ихчам корхоналарни жадал барпо этиш, шу асосда янги иш жойларини шакллантириш, кўпроқ одамларни иш билан таъминлаш, уларнинг даромадлари ва фаровонлик даражасини ошириш мақсадида имтиёзли кредит маблағларини ажратиб келинмоқда.

$1=2924,63 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: