Ucell Ўзбекистондаги фаолиятини давом эттиради

Дата: 09:53, 18-09-2015.

Тошкент. 18 сентябр. ЎзТАГ – Ucell компанияси (TeliaSoneraнинг шўъба корхонаси) тўхтовсиз ишлашда давом этиб, маҳаллий стратегияси ва ривожлантириш режаларини жорий қилишни давом эттиради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) компания баёнотига асосланган ҳолда.

“Ucell мижозлари ва ҳамкорларини ишонтириб айтадики, бугунги кунда компаниянинг бизнес ҳаёти мутлақо ўзгармайди. Ucell мижозлари унинг ҳозирги сервис ва хизматидан барча йўналишлар бўйича тўхтовсиз баҳраманд бўлаверади”, – деб таъкидланади уяли оператори хабарида.

“Ucell компанияси кучли ва замонавий бўлиб, янада профессионаллашди ҳамда бундан буён ҳам ўзбекистонлик абонентларига сифатли мобил алоқа, замонавий хизматларнинг кўплаб турлари, ҳамёнбоп нархлар таклиф этишга тайёр”, – дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамизки, бундан олдинроқ TeliaSonera телекоммуникация холдинги раҳбарияти “Евроосиё” минтақасини тарк этиб, диққатини Европадаги бизнесига қаратиши ҳақида баён қилган эди. TeliaSonera гуруҳининг “Евроосиё” минтақасига Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Молдова, Ўзбекистон, Тожикистон ва Непал киради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: