Уч карра “Оскар” мукофоти совриндори актриса Мэрил Стрип Ўзбекистонга кўчиб ўтаман деб ҳазиллашди

Дата: 15:46, 17-08-2015.

Тошкент. 17 август. ЎзТАГ – Уч карра “Оскар” мукофоти совриндори актриса Мэрил Стрип Ўзбекистонга кўчиб ўтаман деб ҳазиллашди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Россия ОАВ хабарларига кўра, актриса “Рики ва Флэш” номли янги драмада гитарада ўйнаётгани (бу ерда у рок-юлдуз ролини ўйнаган), лекин фильм саундтреки чиққандан кейин “уятдан Ўзбекистонга кўчиб ўтишига тўғри келиши” мумкинлиги ҳақида гапириб берди.

Хабарда айтилишиича, ушбу ролда ўйнаш учун актриса таниқли канадалик рокер Нил Янгдан дарслар олган. Бунга қадар Стрип гитарада ҳеч қачон ўйнамаган ва шу сабабли машғулотлар жуда фойдали бўлган. Янг унга рок-юлдуз ўзини саҳнада қандай тутиши зарурлигини ўргатган.

Эслатиб ўтамизки, “Рики ва Флэш” фильми премьераси 2015 йил 5 августда бўлиб ўтади.

Мэрил Стрип – Голливуд тарихидаги энг совринли актрисадир. Хусусан, у 19 марта “Оскар” мукофотига тақдим этилган ва уч марта ушбу мукофотни қўлга киритган. Бундан ташқари, артистка саккиз бор “Олтин глобус” мукофоти ва Канн фестивали мукофотларини ҳам олган.

Актриса қатнашган энг диққатга сазовор фильмлар “Буғу овловчи” (1978), “Крамер Крамерга қарши” (1979), “Софининг танлови” (1982), “Африкадан” (1985), “Мэдисон округи кўприклари” (1995), “Адаптация” (2002), “Соатлар” (2002), “Иблис Pradо кияди” (2006), “Мамма миа!” (2008), “Шубҳалар” (2008), “Жули ва Жулия: бахтни ёзувга қараб тайёрлаймиз” (2009) ва “Темир леди” (2011) кабилар бор.

Нил Янг яккахон артист ва Buffalo Springfield гуруҳи аъзоси сифатида икки марта Рок-н-ролл шарафи залига киритилган. Crosby, Stills & Nash ва Crazy Horse гуруҳлари билан қўшиқлар ёзган. Шунингдек, Жим Жармушнинг “Мурда” ва Жонатан Деммининг “Филадельфия” кинофильмлари учун мусиқа ёзган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: