Уч йилда Тошкент вилоятида туризмни ривожлантиришга $96 млндан ошиқ маблағ сарфланади

Дата: 17:40, 16-04-2015.

Тошкент. 16 апрел. ЎзТАГ – 2013-2015 йилларда Тошкент вилоятида туризмни ривожлантиришга $96,5 млн маблағ сарфланади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Вилоят ҳокимиятидан хабар қилишларича, дастур доирасида “Занги-ота” тарихий мажмуи капитал таъмирдан чиқарилди. Бу ерда сайёҳлар учун янги объектлар қурилиши ниҳоясига етмоқда.

Шунингдек, дастур доирасида “Шохруҳия” ва “Канка” (Оққўрғон тумани), “Гумбоз-бобо” мавзолейи (Ангрен), “Қизил мозор” (Бекобод), “Занги-ота” зиёратғохи (Зангиота тумани) ва бошқа 15 шу каби тарихий маданий меърос объектлари таъмирланади.

Бўстонлиқ тумани ва Бекобод шаҳридаги Хожикент, Янгиовул ва Юсуфхона қишлоқларида янги меҳмонхона ва кемпинглар қурилади, “Оқтош” ва “Ботаника” санаторийлари реконструкцияси ниҳояга етказилади.

Туризмни ривожлантириш дастурини амалга оширишда $33 млн маблағ объектлар буюртмачилари томонидан ажратилади. Қўшимча равишда $54,7 млн банк кредитлар, $5,5 млн хорижий инвестициялар, $3 млн бюджет маблағлари ва халқаро грантлар ҳам жалб қилинади.

Эслатиб ўтамизки, 2013 йил 6 августда мамлакат президент томонидан “2013-2015 йилларда Тошкент вилоятида йўл-транспорт, инженер-коммуникация ва ижтимоий инфраструктурани ривожлантириш бўйича чоралар ҳақида”ги қарор имзоланган, 2013 йил 20 сентябрда ҳукуматнинг “2013-2015 йилларда Тошкент вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури” қабул қилинган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: