Уч ўзбек фуқароси Қўчқор-Ота шаҳридаги бахтсиз ҳодисада жабрланди

Дата: 15:05, 23-02-2018.

Тошкент. 23 феврал. ЎзТАГ – 20 февралда уч ўзбек фуқароси Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Қўчқор-Ота шаҳридаги бахтсиз ҳодисада жабрланди, деб хабар беради Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси матбуот хизмати.

Уларнинг бари шаҳардаги кафелардан бирида ишлашган.

“Хусусан, Жалолобод вилоятининг ИИБ маълумотларига кўра, Қўчқор-Ота шаҳарчасидаги “Азия” кафесида газ ўчоғидан газ сизиб чиқиши оқибатида портлаш содир бўлган. Воқеа рўй берган пайтда хонада 4 киши бўлиб, улар танасининг юқори қисмлари куйган. Жабрланганлардан уч нафари Наманган шаҳри, ва яна бири Қирғизистоннинг Тўхтагул туманида истиқомат қилган”, - дейилади хабарда.

Ўзбекистон фуқаролари Азимжон Валиев ва Муҳаммадбобир Турғунпўлатовлар Қўчқор-Ота шаҳридаги шифохонага жойлаштирилганлар. Учинчи даражада куйиш олган Рустам Парпиев эса Ўш шаҳридаги касалхонага ётқизилган.

“Фавқулодда ҳодиса рўй берган жойда оператив тергов гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Ҳодиса ҳолатлари тергов қилинмоқда. Ўзбекистон элчихона томонидан Ўш шаҳридаги Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг масъул Ваколатхонаси вакиллари ва Жалолобод тумани Ички ишлар бошқармаси билан ишчи алоқалар ўрнатилган”, - деб таъкидланади хабарда.

Сурат манбаи: https://nuz.uz/sobytiya/25068-stali-izvestny-podrobnosti-dtp-v-kyrgyzstane-i-imena-postradavshih-uzbekistancev.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: