Уимблдон-2014: Ўзбекистонлик теннисчи Денис Истомин дунёнинг учинчи ракеткасига қарши тушади
Дата: 14:10, 30-06-2014.
Тошкент. 30 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин Лондон шаҳрида (Буюк Британия) давом этаётган ва ялпи соврин жамғармаси 25 млн фунт стерлинг бўлган Уимблдон турнирининг яккалик баҳсларида навбатдаги ғалабани қўлга киритиб, учинчи босқичга чиқди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу тўғрисидаги маълумот Ўзбекистон МОҚ сайтида жойлаштирилган.
Мусобақаларнинг иккинчи босқичида ҳамюртимиз германиялик Юлиан Райстер билан куч синашиб, 2 соату 8 дақиқа давом этган учрашувда 7/6(7), 6/4, 6/4 ҳисобида зафар қучди. Бу Истоминнинг Райстер устидан қозонган иккинчи ғалабаси.
Энди Денис Истомин 1/8 финал йўлланмаси учун дунё рейтинг жадвалида 3-ўринда бораётган Швейцариялик Станислас Вавринкага қарши кортга чиқади. Ушбу ўйин бугун, 30 июн куни, Тошкент вақти билан соат 15:30да бўлиб ўтади.
Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, Денис Истомин 2010 йили айнан Уимблдон турнирининг биринчи кунида Станислас Вавринка билан баҳс юритиб, ўта муросасиз рухда кечган баҳсда 6/7(5), 6/1, 2/6, 7/6(4), 6/3 ҳисобида муваффақиятга эришган эди.
Кейинроқ, 2013 йилда Вавринка Монте-Карлодаги “Мастерс” турнирида Истоминни – 6/3, 7/5 ҳисобида енгган эди.


