Ҳукумат Тошкентнинг Мирзо-Улуғбек туманини ривожлантириш дастурини тасдиқлади

Дата: 17:00, 20-12-2016.

Тошкент. 20 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ҳукумати 2019 йилга қадар Тошкентнинг Мирзо-Улуғбек туманини комплекс ривожлантириш дастурини тасдиқлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). 

Дастурга мувофиқ, яқин 3 йилда туманда қурилиш борасида янги инвестиция лойиҳаларни ташкил этиш, озиқ-овқат ва истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи саноат қувватларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш ҳамда қурилиш моллари ишлаб чиқариш бўйича 108 инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Уларнинг умумий қиймати $121 млндан зиёд, экспорт салоҳияти эса $43 млн., 3 мингдан ортиқ янги иш жойлари ҳам яратилади.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 22 лойиҳа амалга оширилиб, улар орқали импорт ўрнини босувчи маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Хизматлар соҳаси ҳам тезкор ривожланади. Бу ерда 1,5 минг янги иш жойлари яратилиб, қиймати $142 млнлик 108 лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Дастур доирасида туманда “Наврўз деҳқон бозори”ни қуриш, Салар канали бўйича ободонлаштириш, ўнлаб турар жойлар ҳам қуриш режалаштирилган.

Бундан ташқари, туман йўл-транспорт инфраструктурасини ривожлантириш, ирригация ва сув таъминоти тизимини янгилаш, маҳаллаларни ободонлаштириш  бўйича ҳам ишлар амалга оширилади. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: