Ғулом Абдуллаев ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатининг бронза совриндори бўлди

Дата: 15:32, 05-09-2016.

Тошкент. 5 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик эркин кураш услубидаги курашчи Ғулом Абдуллаев ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатининг бронза совриндори бўлди. Ушбу биринчилик бугун Макон шаҳрида (Франция) якунланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“55 килограмм вазн тоифасида бронза медали учин беллашувда вакилимиз япониялик Такуми Таширога қарши гиламга кўтарилди. 1/8 босқичда Абдуллаев арманистонлик Мхитар Григорянни (11:4) енгди, чоракфиналда озарбайжонлик Афғон Хашаловдан (9:6) енгилди. Аммо рақиби финалгача бориб, чепион бўлгани сабабли “бронза” учун беллашиш имконига эга бўлди. Бу босқичда у Кумар Рави (Ҳиндистон) енгди (12:7). Ниҳоят, Ғуломжон Абдуллаев қаттиқ курашларда рақиби Такуми Таширони 10:8 ҳисобида мағлубиятга учратди ва мусобақанинг бронза медали билан тақдирланди” – дейилади Ўзбекистон Спорт курашлари уюшмаси матбуот хизмати хабарида.

 Ғолиб Афғон Хашалов бўлди, иккинчини россиялик Ҳасанхусейн Бадрудинов олди.

“Курашчиларимиз мазкур чемпионатда жами икки медални олди. Абдуллаевнинг бронзасидан ташқари 30 сентябрда юнон-рум услубида курашчимиз Илҳом Баҳромов ҳам 50 кг вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритди”, – дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: