UMS Тошкентда 4G/LTE тармоғини ишга туширди

Дата: 15:17, 20-06-2016.

Тошкент. 20 июн. ЎзТАГ – МТСнинг (Россия) Ўзбекистондаги шўъба корхонаси бўлган Universal Mobile Systems (UMS) мобиль оператори  Тошкентда 4G/LTE тармоғини тижорат мақсадларида ишга туширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“4G тармоғи LTE 2500-2700 тармоқларидан кўра тўрт баравар кенгроқ қамровга ва биноларнинг ичига энг яхши кириб бориш ҳусуссиятига эга, Ўзбекистон Республикаси учун ноёб бўлган 800 МГц (Band 20) частотада фаолият юритади. Маълумот алмашинувининг энг юқори тезлиги 70 Мбит/cгача етиши мумкин. Янги тармоқдан фойдаланиш учун абонентларнинг мобил қурилмалари ва 4G USB-модемлари LTE 800 стандартида ишлаши шарт”, - дейилади компания матбуот релизида.

“UMS” компанияси бош директори Дмитрий Нагорнийнинг сўзларига кўра, тез орада LTE тармоғини республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

“Юқори тезликдаги интернетни республиканинг йирик шаҳарлари ва аҳоли пунктларига кириб боришини ривожлантириш – UMS мобил операторининг устувор вазифаларидан биридир. Кейинчалик UMS LTE тармоғи Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам ишга туширилади”, - деб изоҳ берди LTE тармоғи ҳақида гапирар экан  Д.Нагорний.

Universal Mobile Systems мамлакатда “тўртинчи авлод” тармоқларини ишлатишни бошлаган тўртинчи ўзбек мобиль алоқа оператори бўлди. Бунга қадар LTE тармоғини Ўзбекистонда Ucell, Uzmobile GSM ва Beeline операторлари эксплуатация қилмоқда.

Олдин хабар қилингани каби, 2015 йилда UMS ўз абонентлар базасини 2014 йилдагига нисбатан 5,8 бараварга кўпайтириб, 1,095 млнга етказди.

 Маълумот ўрнида , Universal Mobile Systems ширкати 2014 йил 24 сентябрда Россиянинг МТС (50,01%) ва Давлат Алоқа қўмитаси ҳузуридаги “Радиоалоқа, радиоузатиш ва телевидение маркази” ДУК томонидан (49,99%) ташкил этилган. UMS тармоғи тижорат мақсадларида 2014 йил 1 декабрдан бошлаб ишлатилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: