UMS ва CLICK Ўзбекистонда илк марта инновацион хизматни ишга туширдилар

Дата: 18:56, 09-12-2016.

Тошкент. 9 декабр. ЎзТАГ – UMS компанияси ва CLICK тизими Ўзбекистонда илк марта инновацион хизматни ишга туширдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Янги, Ўзбекистонда илк марта йўлга қўйилган ноёб сервис ҳозирча фойдаланувчиларга фақат UMS мобил операторининг Интернет-маҳсулотларини харид қилишга имкон беради. Унга кўра, CLICK тизими фойдаланувчилари Интернет-маҳсулотларни бевосита пластик картадан, яъни абонент балансига тегмаган ҳолда сотиб олишлари мумкин. Ҳозирда CLICKнинг барча фойдаланувчилари *880# USSD-менюси орқали Интернет-тўпламларни харид қилишлари мумкин. Яқин орада бу имконият CLICK (Android, iOS) мобил иловасида ҳам ўз аксини топади”, - дейилади CLICK матбуот хизмати хабарида.

Хабарга кўра, UMS Интернет-хизматларини CLICK тизими орқали сотиб олиш жудаям осон. Бунинг учун *880# сўровини юбориб, рўйхатдан “Интернет-тўпламлар” пунктини танлаш лозим. Сўнгра UMS (1>UMS) операторини белгилаб, керакли хизматни ўз ичига олган буйруқни юбориш керак бўлади.

“Айни вақтда CLICK тизими ёрдамида UMSнинг қуйидаги маҳсулот ва хизматларини улаш мумкин: кунлик ва ойлик Интернет-тўпламлар, ойлик тунги Интернет-тўпламлар, шунингдек, “Тунги DRIVE” (тунги чексиз Интернет) хизмати”, - дейилади хабарда.

Бу қулайликнинг эътиборли жиҳати шундаки, фойдаланувчи UMS маҳсулот ва хизматларини нафақат ўзи учун улаши, балки UMS абоненти бўлган қариндошлари, яқинлари, дўстларига совға ёки ёқимли сюрприз сифатида тақдим этиши мумкин.

“Янги сервисдан фаол фойдаланиш учун яна бир ажойиб сабаб мавжуд. Ҳозирда UMS мобил оператори аввалги нархларда икки баравар кўп Интернет-трафик берувчи “1+1” акциясини ўтказмоқда. Унга кўра, 1000 мегабайт ва ундан каттароқ ҳажмга эга ойлик Интернет-тўпламларни харид қилган абонентга автоматик равишда бепул бонус – ҳудди ўша ҳажмга эга ойлик тунги тўплам белгиланади. Интернет-тўпламлар акция доирасида CLICK орқали харид қилинганда ҳам бонуслар белгиланади”, - дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: