“Уралхиммаш” Ўзбекистондаги газни қайта ишлаш корхонасига сепараторлар етказиб беради

Дата: 15:02, 13-12-2016.

Тошкент. 13 декабр. ЎзТАГ – Россиянинг “Уралхиммаш” заводи Ўзбекистондаги “Муборак газни қайта ишлаш заводи”га сепараторлар етказиб беради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Шартномага мувофиқ, завод А-1 абсорбери, Е-2 тозаланмаган газ сепаратори, Е-3 ва Е-6 тозаланган газ сепаратори, Е-1 бирламчи сепараторнинг ҳар биридан 3 донадан тайёрлаб беради. “Уралхиммаш” ҳаммаси бўлиб, оғирлиги 1,3 минг тоннадан ортиқ бўлган 15та ускунани Ўзбекистонга етказиб беради”, - дейилади завод матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, А-1 абсорбери, Е-3 ва Е-6 тозаланган газ сепараторлари 09Г2С углерод пўлатидан тайёрланади. Е-2 тозаланмаган газ сепаратори, Е-1 бирламчи сепаратор мажмуалари 20Юч пўлатидан тайёрланади.

Тайёр ускуналар 2017 йил майи охирига қадар етказиб берилиши зарур.

Эслатиб ўтамизки, “Уралхиммаш” Ўзбекистон ССР 1992 йилга қадар ускуналар етказиб берган. Мамлакатдаги 55 корхона россия заводи маҳсулотларидан фойдаланган.

90-йиллар ўртасида ҳамкорлик узилиб, фақат 2004 йилдан сўнг қайта тикланди. Муборак ГҚИЗ билан тузилган шартнома кейинги 20 йил ичида “Уралхиммаш” ва ўзбек корхонаси билан тузилган энг йирик шартнома ҳисобланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: