Уралликларга Туркия ва Миср ўрнига Ўзбекистонда дам олиш таклиф этилади
Тошкент. 25 феврал. ЎзТАГ – Уралликларга Туркия ва Миср ўрнига Ўзбекистонда дам олиш таклиф этилади, деб хабар беради E1.ru ахборот портали.
Свердловск ва Челябинск вилоятларининг етакчи туроператорлари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан туризм соҳасида алоқаларни йўлга қўйиш учун учрашадилар. “Уралликларга ҳозирда ёпилган Туркия ва Миср йўналишлари ўрнига Ўзбекистонда дам олиш таклиф этишга тайёргарлик кўрилмоқда”, - дейилади пайшанба кунги хабарда.
“Онегин” марказида 26 феврал 14.00да ўтказиладиган учрашувга ўзбек делегацияси ташриф буюради. Меҳмонлар свордловскликларга махсус таклифлар билан келадилар. Улар Россиялик сайёҳларга юқори сифатли хизмат, хавфсизлик ва қизиқарли саёҳатлар таклиф этадилар.
Тадбирда Россия Ахборот-саёҳлик муносабатлари миллий уюшмаси вице-президенти, Свердловск вилояти “Туризмни ривожлантириш маркази” директори, Республика Хусусий туристик ташкилотлари уюшмаси директори, “Ўзбекистон хаво йўллари” миллий авиакомпанияси сайёҳлик бўлими мутахассислари, Свердловск ва Челябинск вилоятлари ва Ўзбекистон Республикасининг етакчи туроператорлари мутахассислари қатнашадилар.
Тадбирда кўргазма ҳам ташкил этилади, Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари ҳақида видеороликлар намойиш этилади. Шунингдек, бу ерда ўзбек палови ва ширинликларини татиб кўриш мумкин бўлади.


