Урганч аэропорти МДҲ мамлакатларидаги йилнинг энг яхши аэропорти деб топилди

Дата: 17:17, 05-06-2018.

Тошкент. 5 июн. ЎзТАГ – “Урганч” халқаро эропорти МДҲ мамлакатларидаги йилнинг энг яхши аэропорти деб топилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК матбуот хизматига таянган ҳолда.

У 2017-йилдаги фаолияти натижалари бўйича “Аэропорт ривожига қўшган катта ҳиссаси учун” номинациясида ғалабани қўлга киритиб, “МДҲ давлатларида энг яхши аэропорт” танловининг лауреатига айланди.

“Аэропорт” ФА Ассоциацияси томонидан ҳар йили ташкил этиладиган мазкур танловда Урганч шаҳри аэропорти 2012-йилдан буён иштирок этиб, ушбу йиллар давомида: 2012-2014-йилларда – “Ишлаб чиқариш ривожига қўшган катта ҳиссаси учун”, 2015-йилда - “МДҲ давлатларида энг яхши аэропорт”, 2016-йилда – “Шиддат билан ривожланаётган аэропорт” ва “Туризм ривожига қўшган катта ҳиссаси учун” каби турли номинатсияларда ғолиб бўлиб келади”, - деб таъкидланади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, 2017-йилдаги фаолият натижаларига кўра, “Урганч” халқаро аэропортида 1567 қатнов ва 282136 йўловчига, шу жумладан 43848 нафар хорижий сайёҳга хизмат кўрсатилди, 16649 тонна юк, 11,141 тонна почта ва 14,305 тонна пуллик багаж жўнатилди.

Сурат манбаи: http://darakchi.uz/ru/807

Янгилик билан ўртоқлашиш: