“Урганч” аэропортида янги терминал очилди
Тошкент. 16 декабр. ЎзТАГ – “Урганч” халқаро аэропортида учиб кетувчилар учун соатига 300 кишига хизмат кўрсата оладиган янги терминал очилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Миллий авиакомпаниясидан хабар қилишларича, бинода юқори даражада авиацион хавфсизликни таъминлаш мақсадида замонавий инженерлик ва технологик ускуналар ўрнатилган.
Биринчи терминал маҳаллий ва халқаро йўловчилар учун кутиш зали, CIP-залдан ташкил топган бўлиб, уларнинг ҳар бири валюта алмаштириш пункти ва оналар ва болалр хонаси билан жиҳозланган.
Бино дизайнини ишлаб чиқишда замонавий меъморчилик тенденциялари ва Ўзбекистон миллий санъатининг энг яхши анъаналари ҳисобга олинди.
Эслатиб ўтамизки, жорий йилнинг майида “Урганч” халқаро аэропортида учиб келаётган йўловчилар учун янги терминал фойдаланишга топширилган эди.