Урганчда АҚШ ва Ўзбекистон олимларининг конференцияси бўлиб ўтмоқда

Дата: 10:32, 11-08-2017.

Урганч. 11 август. ЎзТАГ – 8-12 август кунлари Урганчда АҚШ ва Ўзбекистон олимларининг “Таҳлил ва математик физиканинг долзарб муаммолари” мавзусидаги II-конференцияси бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Олий таълим вазирлиги маълумотларига кўра у Урганч давлат университети, Ўзбекистон Миллий университети ва Хоразм Маъмун Академияси ҳамкорлигида ташкил этилган.

Ушбу анжуманнинг мақсади Ўзбекистон ва АҚШ, шунингдек, Италия, Франция, Жанубий Корея каби ривожланган давлатлар олимларининг илмий ва илмий-техник ҳамкорлигини янада юқори даражага кўтаришдан иборат.

Олимлар математика оламида эришилаётган энг янги натижалар билан ўртоқлашиб,  фикр алмашадилар, ўзбекистонлик ёш олимлар эришган илмий натижаларни АҚШнинг нуфузли журналларида чоп этиш имкониятларини кўриб чиқадилар.

Конференцияга республиканинг турли вилоятларидан 150 нафарга яқин, АҚШдан 21 нафар, шунингдек, Жанубий Кореядан 4 нафар, Россиядан 3 нафар, Қозоғистондан 3 нафар, Ҳиндистондан 3 нафар, Хитойдан 2 нафар, Италиядан 2 нафар, Полшадан 2 нафар ва Франсия, Малайзия, Туркия каби давлатлардан олимлар ташриф буюрган.

Иштирокчилар орасида математиклар учун бериладиган энг нуфузли мукофотлардан бири “Филдс” медали соҳиби Калифорния университети профессори Ефим Зелманов ҳамда Тинисбек Калменов, Махмуд Содибеков, Август Сих, Леонид Бунимович, Дан Поповичи, Марко Абате, Зоир Ибрагимовларнинг борлиги ушбу конференциянинг қанчалик нуфузли эканини яна бир бор исботлайди.

 Эслатиб ўтамизки, Урганч давлат университети ва Калифорния давлат университети (Фуллертон шаҳридаги) ўртасида 2011 йилда ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, ушбу меморандум Ўзбекистон ва АҚШ давлатлари ўртасида 2010 йилда имзоланган илмий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги келишув доирасида амалга оширилган эди.

Ушбу меморандум асосида 2014 йил 20–23 май кунлари АҚШ – Ўзбекистон олимларининг биринчи халқаро конференцияси Калифорния давлат университетида ўтказилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: