Урганчда мамлакатдаги биринчи такси хизматларига электрон тўлов тизими синовдан ўтказила бошланди
Урганч. 24 апрел. ЎзТАГ – Урганчда мамлакатдаги биринчи такси хизматларига электрон тўлов тизими синовдан ўтказила бошланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Sunday Taxi компанияси томонидан йўналишсиз такси хизмати учун йўлкирани пластик карталар орқали электрон қабул қилишга мўлжалланган махсус дастур яратилди. Ушбу дастур Урганч шаҳридаги Muso Auto ширкатининг йўналишсиз такси машиналарига ўрнатилиб, 2017 йил 5 апрелдан бери синов тариқасида қўлланилмоқда.
“Дастур ҳайдовчининг смартфонига юкланиб, “контактсиз” усулда тўловни қабул қилади. Яъни ҳайдовчи телефонга мижознинг пластик картасини яқинлаштиради ва тариф асосида ҳисобланган йўлкирани кўрсатиб тегишли тугмачани босгач, 5-6 сония ичида пул ечиб олинади”, - деб таъкидлашди вилоят ҳокимияти матбуот хизматида.
Тўлов автокорхонанинг банк ҳисоб рақамига келиб тушиши билан мижознинг мобил телефонига тўлов амалга оширилгани ҳақида SMS-хабар келади. Дастур, шунингдек, кун мобайнида қайси ҳайдовчи томонидан неча пуллик хизматлар кўрсатилганини ҳам алоҳида қайд этиб бориб, корхоналарнинг ҳайдовчилар иш унумдорлигини баҳолаши ва уларга ойлик маошлар белгилашини осонлаштиради.