Урганчда яширин колбаса цехи аниқланди

Дата: 17:01, 20-12-2016.

Тошкент. 20 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Урганчда яширин колбаса цехи фаолиятига чек қўйдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

“Рашид Оллабергановнинг (исм-фамилия ўзгартирилган) уйида ноқонуний яширин цех аниқланди. Унда ноқонуний равишда колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Оператив ходимлар цехни текшириш давомида тайёр колбаса маҳсулотлари ва хом-ашё, колбаса этикеткалари ҳамда колбаса ишлаб чиқаришда ишлатиладиган ноъмаълум кукунлари олиб қўйдилар”, - деб таъкидлашди Давлат божхона қўмитаси матбуот хизматида.

 Бундан ташқари, цехдан колбаса ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган қиймати 67 млн сўмлик техник асбоб-ускуналарни ҳам олиб қўйдилар.

Хоразм синов ва сертификатлаштириш маркази хулосасига кўра, цехдаги гўшт маҳсулотлари истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги сабабли истеъмолга яроқсиз деб топилди.

Мазкур факт юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: