USAID эксперти Ўзбекистон ташқи савдо вазирининг маслаҳатчиси этиб тайинланди

Дата: 15:19, 03-10-2018.

Тошкент. 3 октябр. ЎзТАГ – USAID эксперти Йован Йекич Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТСВдан маълум қилишларича, такинлов АҚШнинг Халқаро ривожланиш бўйича агентлиги (USAID) билан 2018 йил 16 май куни Вашингтон шаҳрида имзоланган Ўзаро англашув меморандуми ижроси доирасида амалга оширилди.

“Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши экспорт географиясини янада кенгайтиришга, хорижий давлатларга маҳсулот ва хизматлар етказиш ҳажмини кўпайтиришга имконият яратади. Маълумки, ЖСТга аъзо бўлиш жараёни мураккаб ва узоқ муддатли жараёндир, ва шу ўринда халқаро эксперт ташкилотдаги иштирокдан энг катта афзалликларни қўлга киритиш мақсадида ҳар томонлама мувозанатли музокара ўтказиш жараёнида бизга кўмаклашади,” - деб изоҳлади тайинловни ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев.

Эслатиб ўтамиз, Й. Йекич халқаро тижорий ҳуқуқ, интеллектуал мулк ҳимояси, божхона қоида ва тартиботлари, савдо сиёсатини ҳуқуқий тартибга солиш, савдо ва инвестицион сиёсат соҳаларида 35 йилдан зиёдлик тажрибага эга. 2001-2017 йилларда Озарбайжон, Тожикистон ҳамда Сербия ва Черногория ҳукуматларига ЖСТга аъзо бўлиш масалалари бўйича маслаҳатлар берган.

Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: