Uzbek Tigers жамоаси боксчилари Astana Arlans Kazakhstan жамоаси устидан ишончли ғалаба қозонди
Тошкент. 3 апрел. ЎзТАГ – Пойтахтдаги “Ўзбекистон” спорт мажмуида Жаҳон бокс серияси WSB 5-тури учрашуви бўлиб ўтди, унинг доирасида Uzbek Tigers ўзбек бокс жамоаси Қозоғистоннинг Astana Arlans Kazakhstan клуби вакиллари билан учрашди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Биринчи бўлиб Абдулхай Шораҳматов 56 кггача вазн тоифасида Иляс Сулейменовга қарши рингга тушди Ўзбекистонлик барча уч раунд давомида хужумда бўлди, рақиби эса яхши ҳимояланди, лекин натижада ринг мезбони 3:0 ҳисобида ғолиб чиқди.
“Иккинчи бўлиб рингга Ельнур Абдураимов кўтарилиб, Дилмурат Мижитов билан (64 кггача) беллашди. Ельнур биринчи дақиқаларданоқ ташаббусни қўлга олди ва устунлигини ошира борди, рақиби вазиятни ўзгартиришга уринди, лекин бунинг уддасидан чиқолмади. Натижада ўзбек боксчиси 3:0 устун келди”, – деб таъкидлашди Бокс федерацияси матбуот хизматида.
Учинчи жангда Исроил Мадримов 75 кггача вазн тоифасида Айдаров Сапарбайга битта ҳам имконият қолдирмади (3:0).
Зуҳриддин Маҳкамов 91 кггача вазн тоифасида Антон Пинчукка анча қаршилик кўрсатганига қарамасдан, қозоғистонлик боксчига 3:0 ҳисобида жангни бой берди.
Uzbek Tigers жамоасида финал ғалабани Ҳасанбой Дўсматов 49 кггача вазн тоифасида киритди. У ўз рақиби Темиртас Жусуповга ҳеч қандай имконият бермади ва ишончли ғалабага эришди – 3:0.
Натижада “Ўзбек йўлбарслари” 4:1 ҳисобида Astana Arlans Kazakhstan устидан ишончли ғалаба қозонди.