Uzbekistan GTL синтетик ёқилғи заводини ишга тушириш муддатини кўчирди

Дата: 16:10, 23-12-2015.

Тошкент. 23 декабр. ЎзТАГ – Uzbekistan GTL ҚК Қашқадарё вилоятида синтетик ёқилғи (GTL жараёни) заводини ишга тушириш муддатини 2015 йилдан 2017 йилга кўчирди. Бу ҳақида “SAT OIL савдо майдончаси” сайтига мамлакат ҳукумати ёқилғи-энергетика мажмуи департаментидаги манба хабар қилди.

“GTL заводи қурилишини 2017 йилда якунлаш режалаштирилмоқда, муддатнинг ўзгартирилиши маҳсулот чиқаришнинг технологик жиҳатларини такомиллаштириш билан боғлиқ”, - деди ҳукумат вакили ўзгартиришлар тафсилотларини очиқламаган ҳолда.

Бундан олдин Ўзбекистон синтетик ёқилғи заводи қурилишига маблағ жалб қилишда муаммоларга дуч келгани ҳақида хабар қилинган эди. Чунки 2015 йилда нефть нархлари тушиб кетиши натижасида Uzbekistan GTL ҚК синтетик ёқилғи заводи қурилишини молиялаштириш учун ташқи маблағлар жалб қила олмаган эди.

Эслатиб ўтамизки, 2009 йил ноябрда “Ўзбекнефтегаз” МХК, Жанубий Африканинг Sasol ва малайзиянинг Petronas ширкатлари Ўзбекистондаги Шўртан ГКМ асосида бошланғич қиймати $2,7 млрд бўлган GTL заводи қуриш учун Uzbekistan GTL ҚК тузган эдилар.

ҚК таъсис шартномасига кўра, у МЧЖ шаклида тенг улушларда (33,3%) ташкил этилган бўлиб, бошланғич таъсис жамғармаси миқдори $30 млнга тенг эди. Кейинчалик таъсис жамғармаси миқдорини $840 млнга етказиш кўзда тутилган эди.

2015 йил июнда Petronas Uzbekistan GTL ҚК иштирокини 33,3%дан 11% қисқартиришга қарор қилди. Йил охирига қадар ҚК бошқа иштирокчилари улушларни тақсимлаш масаласини ҳал қилишлари зарур.

Лойиҳа бошланғич ТИА мувофиқ, завод йилига 3,5 млрд кубометр газни қайта ишлаб, 672 минг тонна дизел ёқилғиси, 278 минг тонна авиакеросин, 361 минг тонна нафта ва 63 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариши зарур.

Янгилик билан ўртоқлашиш: