Ўзбекистон ва Туркия президентлари ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди

Дата: 10:33, 12-12-2017.

Тошкент. 12 декабр. ЎзТАГ – 11 декабрда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси президенти Режеп Тайип Эрдўғон ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ўзбек давлати раҳбарининг матбуот хизматига асосланган ҳолда.

Мулоқот турк томони ташаббуси билан ўтказилди.

“Мулоқот аввалида Туркия Президенти давлатимиз раҳбарини мамлакатимизда таркибий ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичини амалга ошириш бўйича қўлга киритилган амалий натижалар билан самимий муборакбод этди”, - дейилади хабарда.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида барқарор ва юксак тараққиётни таъминлашга қаратилган сиёсатни юқори баҳолагани учун чуқур миннатдорчилик билдирди.

“Мулоқотда давлат раҳбарлари жорий йил октябрь ойида Туркия Республикасига олий даражадаги ташриф якунлари бўйича эришилган келишув ва битимларни амалга ошириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади”, - дейилади хабарда.

Савдо-иқтисодий, технологик, молия-сармоявий, транспорт, туризм ва маданият соҳаларидаги қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш борасида ўзаро самарали алоқаларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.

Президентлар, шунингдек, Истанбул шаҳрида бўлиб ўтадиган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари саммити кун тартибидаги масалалар, жумладан, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг бошқа долзарб масалалари бўйича фикр алмашдилар.

Сурат манбаи: http://www.fergananews.com/articles/9608

Янгилик билан ўртоқлашиш: