УЖГ 10 йил давомида Ўзбекистон пойтахтига Қашқадарё вилоятидан айниган гўшт етказиб берган
Тошкент. 26 декабр. ЎзТАГ – Уюшган жиноий гуруҳ (УЖГ) 10 йил давомида Ўзбекистон пойтахти бозорларига Қашқадарё вилоятидан айниган гўшт етказиб берган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Ахборот” дастурига асосланган ҳолда.
Бундан ташқари, гуруҳ қайта ишловчиларга ҳам маҳсулот етказиб берган.
Репортажда айтилишича, УЖГга Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшаб келаётган Қашқадарё вилоятида туғилган 40 ёшли Баҳром Хайдаров бошчилик қилган.
Гуруҳ аъзолари маҳаллий ветеринар, қассоб ҳамда даллоллар орасидаги алоқалар орқали ҳаром ўлиб қолган моллар ва ўлиши аниқ бўлган касал чорвалар ҳақида маълумот тўплаш тизимини қуришган. Ҳар бир етказилган хабар учун 15 минг сўмдан 50 минг сўмгача тўланган.
Айниган мол гўштлари маҳсулотига 1 кгмига 10-15 минг сўмдан тўланган. Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ветеринария бўлими ходимлари томонидан сохта ҳужжатлар тайёрлаб берилган. Айнан улар кўпинча маълумот етказиб беришган.
Тошкентга киришда молларни жиноий гуруҳ молиячиси Ҳайрулла Сапиев қабул қилиб олган. У гўштларни Зангиота ва Тошкент туманларидаги яширин цехларга етказиб берган. Бу ерда гўштга ишлов берилган, майдаланган ва сотиш учун чиқарилган.
Ҳар куни уч-тўрт бош қорамол жасади келиб турган, уларнинг баъзилари айниб кетган бўлган. Молнинг Тошкентдаги ўртача айламаси ҳар ойда 5 тоннадан 15 тоннагача ташкил қилган. Қайта ишланган гўшт бозорларда килограмига 25-30 минг сўмдан сотилган.
Гўштлар Тошкент шаҳрининг қатор савдо нуқталарига, шу жумладан, “Эски Жўва” деҳқон бозори, “Asl Ta’m Sifati” корхонаси, ЯТТ “Мўминов Хусан Хурсанжонович” сомсахонаси, “Файзиев”, “Қосимов”, “Чоршанбиев Одил” гўшт расталарига етказиб берилган.
Жиноий гуруҳ раҳбари топган пулларига бир неча автомобиль ва кўчмас мулк объектларини сотиб олган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноий иш очилган бўлиб, тергов давом этмоқда.
Сурат манбаи: http://golosarmenii.am/article/44492/sluzhba-po-bezopasnosti-pishhevyx-produktov-armenii-zapretila-vvoz-svininy-iz-ukrainy