UZINFOCOM маркази давлат ахборот тизимларини яратиш бўйича ягона интегратор бўлди

Дата: 16:54, 16-02-2018.

Тошкент. 16 феврал. ЎзТАГ – UZINFOCOM маркази давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор (ЯИ) бўлди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ахборот технологиялари вазирлигига таянган ҳолда.

Бу Ўзбекистон Президентининг “Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳаларни бошқариш тизимларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан белгиланган.

Ҳужжатга мувофиқ, ЯИга давлат органларида жорий этилаётган барча тизимларни бирлаштирувчи роли берилмоқда. Шунингдек, у “электрон ҳукумат” ва ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш, ахборот тизимлари ҳамда ресурсларини интеграция қилиш, аппарат-дастурий таъминот воситалари комплексини яратиш, шунингдек тегишли лойиҳа ва ҳужжатларни тайёрлашни таъминлаши зарур.

Бундан ташқари, Ягона интегратор зиммасига давлат органлари ва уларнинг тизимидаги муассасаларнинг, жумладан Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимидаги ахборот тизимларини, идоралараро электрон ҳамкорлик ва маълумот алмашиш тармоқларини жорий қилиш каби муҳим вазифа юклатилган.

Таъкидланишича, ҳозирда Ягона интегратор давлат органларида ишлаб турган АТларини инвентаризациядан ўтказмоқда ва бундан сўнг ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш учун уларнинг рўйхатларини шакллантирмоқда

Сурат манбаи: http://obrazovanie66.ru/spec/informatsionnye-sistemy-i-tehnologii/

Янгилик билан ўртоқлашиш: