Uzinfocom Маркази ва Тошкентдаги Москва давлат университети филиали ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди

Дата: 16:23, 04-10-2017.

Тошкент. 4 октябр. ЎзТАГ – Uzinfocom маркази ва Москва давлат университети Тошкентдаги филиали ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Марказ маълумотларига кўра, меморандум доирасида Ўзбекистоннинг давлат ахборот тизимини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича Ягона интегратор бўлган Uzinfocom университет билан биргаликда бир қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда.

Хусусан, Uzinfocom базасида, Тошкент шаҳридаги М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети филиали талабалари ва битирувчилари учун ўқитувчилари ва илмий ходимлари учун амалиёт дастурларини амалга ошириш, амалий машғулотлар ўтказиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, ИТ-технологиялар, амалий математика ва информатика соҳаларини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича семинарлар ва тренингларни биргаликда ташкил этиш доирасида мунтазам равишда тажриба ва услубий ишланмалар билан алмашиш амалга оширилади.

Uzinfocom мутахассислари филиалнинг таълим жараёнига яқиндан жалб қилинадилар, бу давр мобайнида талабалар марказ томонидан миллий миқёсда амалга ошириладиган энг йирик IT-лойиҳалар мисолида мавзуни ўрганиш имкониятига эга бўладилар. Шунингдек, талабаларга Uzinfocom томонидан ташкил этилган ўқув машғулотларида иштирок этиш имконияти берилади.

Меморандумнинг муҳим жиҳатларидан бири – филиал битирувчиларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, шунингдек, республика ва халқаро миқёсдаги грант дастурларида биргаликда иштирок этишдан иборат бўлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: