UZMOBILE GSM оператори тармоғи Huawei компанияси ускуналарида ишлайди

Дата: 17:24, 16-04-2015.

Тошкент. 16 апрел. ЎзТАГ – UZMOBILE GSM оператори тармоғи Huawei компанияси ускуналарида ишлайди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Хитой ширкати вакилига асосланган ҳолда.

Бу ҳақида куни-кеча UZMOBILE филиалининг GSM тармоғини ишга туширишга бағишланган тақдимот маросимида маълум қилинди. Huawei вице-президенти Ван Хуанинг (Mr.Wang Hua) сўзларига кўра, компания дунёдаги энг йирик 45 мобил операторларга хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, у компания Ўзбекистонда 2000 йилдан бошлаб ишлаётгани, UZMOBILE GSM учун эса 2G, 3G ва 4G тармоқлари ускуналари етказиб бергани ҳақида айтиб ўтди.

Ван Хуа шунингдек, ширкат “Ўзбектелеком” АК билан бирга маълумотлар узатиш оптик тармоқлари учун ускуналар ишлаб чиқариш лойиҳаси устида ишлаётганлигини ҳам таъкидлади.

Эслатиб ўтамизки, кеча “Ўзбектелеком” филиали UZMOBILEнинг GSM-тармоғи расман ишга туширилди. Ҳозирда тармоқ фақат Тошкент ва Тошкент вилоятида ишламоқда.

Huawei – хитойнинг телекоммуникация компанияларидан биридир. Ширкат турли тармоқ ускуналари, мобиль телефонлар, терминаллар, дастурий таъминот ишлаб чиқаради. BusinessWeek маълумотларига кўра, Huawei жаҳоннинг энг йирик компаниялари сирасига киради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: