“UzPaynet” компанияси тўловлар учун фоизларни бекор қилди
Тошкент. 19 март. ЎзТАГ – “UzPaynet” компанияси тўлов тизими орқали тўловлар қабул қилишда ҳисоб-китоблар тизими ўзгарганлиги ва 2014 йилнинг 14 мартидан бошлаб тўловчилардан олинадиган фоиз (комияссия) бекор қилинганлиги ҳақида эълон қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Компания маълумотларига кўра, ҳозирда у уяли ва шаҳар телефон алоқаси, интернет-провайдерлар фойдасига, шунингдек, шаҳарлараро, халқаро телефония хизматлари, оптик линиялар бўйича телевидение хизматлари учун тўловлар қабул қилишда фоиз олишни тўхтатди.
“UzPaynet” маълумотига кўра, кунига тизим томонидан 2 млндан ошиқ кишидан тўловлар қабул қилинади. Бугунга қадар компания томонидан тўлов суммасидан олиб қоладиган тўлов фоизи миқдори ўртача 4 - 6% ташкил этар эди.
Эслатиб ўтамиз, “UzPaynet” Ўзбекистонда 2005 йилдан бошлаб фаолият юритади ва аҳолидан тўловлар қабул қилиш билан шуғулланади. Тизимга 100 ортиқ хизмат кўрсатувчилар уланган. Мамлакатда компаниянинг 25 мингдан зиёд тўлов нуқталари ишлаб турибди.