Вашингтонда АҚШ ва Ўзбекистоннинг нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантиришга доир тажрибаси муҳокама қилинди
Тошкент. 1 июл. ЎзТАГ – Вашингтонда АҚШ ва Ўзбекистоннинг нодавлат нотижорат ташкилотларини (ННТ) ривожлантиришга доир тажрибаси муҳокама қилинди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу муҳокама “ННТ демократик жараёнлар, мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг энг муҳим вазифаларини ҳал қилишдаги ролини ошириш: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси” мавзусидаги ўзбек-америка “доира суҳбати” доирасида бўлиб ўтди.
Муҳокама АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Фуқаролик жамиятини шакллантириш мониторинги бўйича мустақил институт (ФЖШММИ, Ўзбекистон) томонидан биргаликда ташкил этилди.
Институтдан хабар беришларича, иштирокчилар АҚШ ва Ўзбекистоннинг нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш соҳасидаги тажрибаси, уларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги ролини ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Бундан ташқари, ФЖШММИ томонидан “Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ривожланиши” номли тақдимот ўтказилди. Тадбир якунлари бўйича ФЖШММИ ва АҚШдаги бир қатор эксперт-таҳлилий марказлари билан ҳамкорликни ривожлантиришга доир келишувлар имзоланди.


