Вашингтонда ўзбек-америка сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди

Дата: 17:44, 20-01-2016.

Тошкент. 20 январ. ЎзТАГ – Яқинда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Ўзбекистон-АҚШ сиёсий маслаҳатлашувларининг олтинчи раундини ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ТИВ маълум қилишларича, АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Ниша Десаи Бисвал билан бўлиб ўтган учрашувда икки томон кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

2014-йилнинг декабр ойида бўлиб ўтган сиёсий маслаҳатлашувларнинг бешинчи раундидан кейинги даврдаги ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилинди ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилди.
Халқаро муаммоларни муҳокама қилиш доирасида Афғонистондаги вазият ривожига ҳамда минтақавий масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Эслатиб ўтамизки, ҳозирда ўзбек бозорида америка компаниялари иштирокида 190 атрофида корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 50дан ортиғи 100% хорижий капиталга очилган. Шунингдек, 40 етакчи АКШ корпорациялари рўйхатга олинган.

1993-2014 йилларда АҚШнинг Халқаро ҳамкорлик агентлиги (USAID) Ўзбекистон Республикасига қиймати $356 млнлик техник кўмак кўрсатди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: