Вазирлар Маҳкамасида шаҳарларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун янги бўлим ташкил этилди

Дата: 17:34, 12-06-2019.

Тошкент. 12 июнь. ЎзТАГ – Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида шаҳарларнинг рақобатбардошлигини ошириш бўйича янги бўлим ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, президентнинг 2019 йил 4 июндаги "Республикага бўйсунадиган шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 5738-сонли фармони қабул қилинди.

"Фармонга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида республикага бўйсунадиган шаҳарларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўлими 12 штат бирлиги миқдорида ташкил этилган", – дейилади хабарда.

Таъкидланганидек, бўлимнинг фаолияти бош вазир томонидан мувофиқлаштирилади.

"Бўлимнинг асосий вазифалари шаҳар иқтисодиётининг рақобатбардошлилигини тубдан ошириш, инновацион фаолиятни ривожлантириш, ишлаб чиқаришга жалб қилинмаган захиралар ва имкониятларни тўла ишга солиш, шаҳарларда аҳоли даромадлари ўсишини таъминлашдан иборат", – деб таъкидланади хабарда.

Бўлим, шунингдек, Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Тошкент вилояти Чирчиқ, Сирдарё вилояти Ширин шаҳри, Навоий вилояти Зарафшон шаҳри ва Сурхондарё вилояти Шарғун посёлкасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини самарали ҳал этишни таъминлайди

Шаҳарларни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар натижалари ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисларида кўриб чиқилади.

Сурат манбаи: uza.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: