Вебстер университетининг вице-президенти Питер Махер бошлиқ делегацияси Тошкентга етиб келди

Дата: 19:33, 04-12-2017.

Тошкент. 4 декабр. ЎзТАГ – 4 декабрда Вебстер университетининг вице-президенти Питер Махер бошлиқ делегацияси Тошкентга етиб келди, деб хабар беради Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати. 

Унинг таркибида Уокер номидаги Бизнес ва технологиялар мактаби ва мазкур ОТМнинг Таълим мактаби деканлари Симмон Куммингс ҳамда Бренда Файфлар ҳам ўрин олишган.

“Ташрифдан кўзланган мақсад – ўзбек томони билан Вебстер университетининг Тошкент шаҳридаги филиалини очиш билан бўлиқ техник, ҳуқуқий ва молиявий жиҳатлар ҳамда янги ўқув йили – 2018 йилнинг сентябр ойидан бошлаб таълим муассасаси фаолиятини бошлаш масалалари муҳокама қилишдан иборат”, - дейилади хабарда.

Тошкент шаҳрида АҚШ университетининг биринчи филиали очилиши тўғрисидаги Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Вебстер университети ўртасидаги тегишли битим Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сентябр ойида Нью-Йорк шаҳрига ташрифи доирасида ўтказилган Ўзбекистон-АҚШ бизнес-форуми якуни бўйича имзоланган эди.

“Вебстер университети делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи дастурида Олий ва ўрта махсус таълим, Мактабгача таълим, Ахборот технологиялари ва коммуникациялар вазирликларида учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган. Музокаралар давомида мамлакатимизда Вебстер университети филиали фаолиятининг ташкилий ва ҳуқуқий жиҳатлари муҳокама қилинади ҳамда Университет томонидан тузиладиган ўқув дастурлари келишиб олинади”, - дейилади хабарда.

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси маълумотларига кўра, АҚШ делегацияси Ўзбекистондаги таълим муассасаларида ташкил этилган ўқув жараёни билан танишиш мақсадида бир қатор миллий университетларга (Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети) ҳамда хорижий ОТМнинг филиалларига (Инҳа университети, Турин политехника университети, Сингапур менеджмент институти, Вестминстер университети) ҳам ташриф буюради.

Режаларга кўра, Вебстер университетининг филиалида Ўзбекистонлик талабалар “ахборот технологиялари”, “ахборот хавфсизлиги”, “ОАВ ривожланиши”, “бизнес”, “табиий фанлар” ва “педагогика” каби таълим йўналишларида бакалавр ва магистр даражасини олишлари мумкин бўлади. Ўқиш АҚШ университети профессорларини жалб этган ҳолда маҳаллий ўқитувчилар томонидан инглиз тилида олиб борилади.

Эслатиб ўтамизки, Вебстер университети 1915 йилда Миссури штати Сент-Луис шаҳрида ташкил этилган. Университетнинг муваффақиятли фаолият юритаётган Швейцария, Австрия, Греция, Голландия, Хитой, Таиланд ва Гана каби давлатларда 7 та халқаро филиаллари мавжуд. 2017 йилда ОТМ Американинг энг яхши университетлари рейтингида 24-ўринни эгаллаган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: