Веломарафон босқичлари Ўзбекистон бўйлаб 283 мингдан ошиқ иштирокчини бирлаштирди

Дата: 21:42, 20-05-2014.

Тошкент. 20 май. ЎзТАГ – Дам олиш кунлари Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан ташкил этилган анъанавий “Касаба-тур” веломарофонининг якунловчи босқичи бўлиб ўтди. У тўрт босқичда ўтказилиб, Ўзбекистон бўйлаб 283 мингдан ошиқ иштирокчини бирлаштирди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Касаба уюшмалари федерацияси кенгашидан хабар беришларича, иштирокчилар орасида мамлакатнинг 7,2 минг ташкилот ва корхоналари вакиллари бор. Шунингдек, қатнашчиларнинг 62 минги – аёллар.
Пойганинг якунловчи босқичига ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган 500 велоспорт ишқибози чиқди. Улар 20-35 ёш ва 35 ёшдан катта ёш тоифаларида куч синашдилар.
Анъанага кўра, профессионал велоспорт усталарининг кўргазмали чиқишлари ҳам ташкил этилди. Шунингдек, тадбир меҳнат жамоаларида спортни оммалаштириш масалалари ҳақида ҳам фикр олмашиш имконини берди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: