Велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Қозоғистондаги халқаро турнирда иккинчи бўлди

Дата: 12:44, 14-05-2014.

Тошкент. 14 май. ЎзТАГ – Қозоғистоннинг Талгар шаҳрида халқаро тоифадаги спорт устаси Николай Бондаренко хотирасига бағишланган кўп кунлик халқаро велопойга бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Мусобақалар уч асосий тоифада – эркаклар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида 9 босқичда ўтказилди. Жами пойгада 15 жамоага мансуб 107 спортчи қатнашди. Қаттиқ рақобатга қарамасдан ўзбекистонлик спортчилар яхши натижалар кўрсатдилар.
“Барча босқичлар натижаси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ёшлар ўртасида шахсий бош ҳисобда (Жаҳонгир Дармонов) бронза медални, ўсмирлар ўртасидаги асосий пойгада эса олтин (Дилмурод Сиддиқов) ва кумуш (Алексей Строилов) медалларни қўлга киритди. Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон терма жамоаси фахрли иккинчи ўринни эгаллади”, - деб таъкидлашди Ўзбекистон велоспорт федерациясида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: