Венгрия ҳар йили ўзбекистонлик талабаларнинг ўқиши учун 30та стипендиялар ажратишни режалаштирмоқда

Дата: 08:22, 28-06-2017.

Тошкент. 28 июн. ЎзТАГ – 2017-йилнинг 27-июн куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Венгриянинг Ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийарто билан учрашди. Бу ҳақида Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.

“2016-йилнинг октябр ва декабр ойларида Бруссел ва Гамбург шаҳарларида бўлиб ўтган икки томонлама учрашувнинг давоми сифатида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ўзбекистон-Венгрия муносабатларининг сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги долзарб масалаларини муҳокама қилдилар”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, давлатлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш, бизнес ҳамжамияти, илмий доиралар, таълим муассасалари вакиллари, маданият ва санъат фаоллари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлашдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги таъкидланди.

“Учрашувда молия, қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва таълим соҳаларида истиқболли қўшма лойиҳалар амалий жиҳатдан муҳокама қилинди. Хусусан, Венгрия томони ўзбекистонлик талабалар таълим олишлари учун йилига 30та стипендия ажратишни режалаштирмоқда”, - деб таъкидланади хабарда.

Бундан ташқари, вазирлар минтақа ва халқаро майдондаги кун тартибга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.

“Музокаралар якунланганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Венгрия Инсон ресурслари вазирлиги ўртасида 2017-2020-йилларга мўлжалланган соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим вазирлар томонидан имзоланди”, - дейилади ташқи сиёсий муассаса хабарида.

Тадбирларда Венгрия элчиси Петер Санто иштирок этгани ҳам маълум қилинган. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: