Вилоят маъмурияти раҳбари Наманган шаҳри марказида жамоат транспортини ривожлантириш йўлини топди

Дата: 20:00, 24-03-2017.

Наманган. 24 март. ЎзТАГ – Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Базаров Наманган шаҳри марказида жамоат транспортини ривожлантириш йўлини топди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу мақсада у Наманган шаҳрининг марказий кўчаларида Damas русумли транспорт воситалари ҳаракатланиши таъқиқлади, деб ёзади “Наманган ҳақиқати” газетаси.

Таъқиқ 25 мартдан амал қила бошлайди. Ушбу автомашиналар ҳаракатига таъқиқ ҳар куни соат 7:00дан соат 20:00гача бўлган оралиқда амал қилади. Ушбу оралиқда Дамаслар темир йўл вокзалидан А.Навоий кўчаси орқали, А.Темур ва Б.Машраб кўчалари орқали Чорсу бозоригача ҳаракатланиши мумкин эмас. 

Ҳоким таъқиқни транспорт оқимини тартибга солиш, тирбандликни бартараф этиш, йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўл қопламалари ва транспорт тўхташ жойларини таъмирлаш ишларини якунлаш кабилар билан асослади. Дамаслар йўналишларда “Исузи” автобусларига алмаштирилади.

Шунингдек, вилоят ҳокими 1 октябрга қадар Наманган шаҳри раҳбари, Марказий банк вилоят бошқармаси раҳбари ва Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги филиали раҳбарига жамоат транспортида нақдсиз тўлов тизимини жорий этиш ҳақида топшириқ берди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: