Владимир вилоятидаги авариянинг 17 қурбонини таниш ишлари якунланди
Тошкент. 11 октябр. ЎзТАГ – Владимир вилоятидаги (Россия) темирйўл ўтиш жойидаги авариянинг 17 қурбонини таниш ишлари якунланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) россия ОАВга таянган ҳолда.
Хусусан, яқинлари ЙТҲда вафот этган Ўзбекистон фуқаросини таниб олдилар, авариянинг 17 қурбонини таниш ишлари ҳам якунланди, деб хабар берди сешанба куни РИА Новостига шаҳар маъмуриятининг ОАВ билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Александр Карпилович.
Олдин икки жасад – Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари танилмасдан қолаётгани хабар қилинган эди. Душанба куни Ўзбекистонга вафот этган эркакнинг расмлари ва бармоқ излари жўнатилди.
“Қариндошлари келиб, одамни танишди. Ҳақиқатдан ҳам у Бухорода яшовчи киши. Ҳозир уни ватанига олиб кетиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари давом этмоқда”, - деди бошқарма вакили.
Шунингдек, у Қозоғистон фуқароси ҳам танилганини таъкидлади. “Таниш ишлари якунланди”, - деди Карпилович.
Эслатиб ўтамизки, жума кунига ўтар кечаси Владимир вилоятининг Петушинск туманида темир йўл ўтиш жойида Санкт-Петербург – Нижний Новгород поезди ва автобус тўқнашиб кетди. ЙТҲда 17 киши, жумладан, икки бола вафот этди. Икки катта ва бир бола касалхонада қолмоқда. Автобусда 58 киши бўлган бўлиб, уларнинг 56 Ўзбекистон фуқароси, икки ҳайдовчи Қозоғистон фуқаролари бўлишган.