“Водители Ташкента” беғараз ёрдам кўрсатиш учун сall-марказни ишга туширди
Тошкент. 30 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистондаги энг йирик автоҳаваскорлар гуруҳи бўлган “Водители Ташкента” гуруҳи йўлларда муаммога учраган ҳайдовчилар учун сall-марказни ишга туширди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Агар автомобилнинг аккумулятори ўтириб қолса, ғилдираги тешилса ёки йўлда кутилмаганда юрмай қолса, ҳайдовчи +99897 333-7-505 рақамига қўнғироқ қилиши мумкин. Операторга муаммони тушунтириб, турган манзилини ҳамда исм-шарифи ва телефон рақамини айтиш лозим. Ва ёрдам тез орада етиб боради. Қўнғироқ қабул қилинганидан сўнг Телеграм орқали гуруҳларга SOS сўрови юборилади. Яқин-атрофда бўлган ва ёрдамга шай ҳайдовчиларга боғланиш учун муаммога учраган ҳайдовчининг телефон рақами берилади", - дейилади гуруҳ хабарида.
Таъкидланишича, кўрсатилган рақам қўнғироқларни ҳар куни эрталаб соат 8:00дан кечқурун 23:00гача қабул қилади. Ҳайдовчига кўрсатиладиган барча ёрдам бепулдир.
Эслатиб ўтамизки, “Водители Ташкента” гуруҳи аъзоларининг сони 87 минг кишидан ортиқ.