Windham Tashkent меҳмонхонасида электрон тижоратга бағишланган конференция бўлиб ўтмоқда

Дата: 16:21, 07-11-2018.

Тошкент. 7 ноябр. ЎзТАГ – Windham Tashkent меҳмонхонасида электрон тижоратга бағишланган E-Commerce Day 2018 конференцияси бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бу электрон тижорат мавзусига бағишланган дастлабки энг йирик анжуманлардан биридир. E-Commerce Day анжуманида экспертлар юртимизда молия ва банк соҳаларининг, хусусан, интернет-тижоратнинг ҳозирги ҳолатини таҳлил этишади ва жаҳонда уни ривожлантириш борасидаги тажрибалар билан ўртоқлашилади. Шунингдек, молия инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича фикр алмашишади”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Анжуманда А. Иванов (Россия ва бошқа мамлакатлардаги масофавий савдо миллий ассоциацияси президенти), Л.Зондберг (Россиянинг энг катта экспресс-етказиб берувчиси ва логистика оператори — DPD тижорат директори), Д.Григориев (Wunder Digital Agencyнинг ривожлантириш бўйича директори) ва бошқа машҳур мутахассислар иштирок этишади.

Қайд этилишича, тадбир қатнашчилари электрон тижорат бўйича фойдали тажрибага эга бўлишлари, интернет орқали савдо қилишни ўрганишлари ва, энг муҳими, бизнес учун керакли ҳамда муҳим алоқаларни ўрнатишга эришишлари мумкин.

“Бундан ташқари, анжуманда интернет-савдо провайдерлари (курерлик хизматлари, бухгалтерия, молиявий хизматлар), чакана ва электрон савдо ҳамда хизматлар (дўконлар, интернет-дўконлар), АТ ва инновациялар соҳаларида фаолият юритувчи компаниялар (инжиниринг, ишлаб чиқиш ва дастурий таъминот) ҳам қатнашишади”, - дейилади хабарда.

Тадбир Ўзбекистон Электрон савдо палатаси томонидан ташкил этилмоқда. “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази тадбирнинг ҳамкори ҳисобланади.

Сурат манбаи: https://www.booking.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: