WTA рейтингида Оқгул Омонмуродова 36 поғонага, Сабина Шарипова 11 поғонага юқорилди
Тошкент. 22 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Оқгул Омонмуродова Аёллар теннис ассоциациясининг (WTA) янги рейтингида 36 поғонага кўтарилиб, 211-ўринга чиқди. Мамлакатнинг иккинчи ракеткаси Сабина Шарипова 11 поғона кўтарилди (271-), учинчи ракетка Нигина Абдураимова эса, аксинча, 1 поғона пастлади (168-), дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) WTAнинг душанба куни эълон қилинган янги рейтингига асосланган ҳолда.
Қайд этиш зарурки, ўзбек теннисчи қизларига рейтинг натижаларини яхшилашга Анқарада (Туркия) бўлиб ўтган ITF сериясидаги турнирдаги иштирок ҳам ёрдам берди. Ушбу мусобақада О.Омонмуродова финалда сербиялик теннисчи қиз Александра Круничга 6:3, 2:6, 6:7 ҳисобида енгилди.
Маълумот ўрнида, янги жаҳон рейтингида ҳамон Серена Уильямс (АҚШ) етакчилик қилмоқда, кейинги ўринларда Мария Шарапова (Россия), Симона Халеп (Руминия), Петра Квитова (Чехия), Ана Иванович (Сербия), Агнешка Радванска (Полша), Эжени Бушар (Канада), Каролин Возняцки (Дания), Анжелик Кербер (Германия) ва Доминика Цибулковалар (Словакия) бормоқдалар.