Яқин кунларда Ўзбекистонда бирданига уч янги текстил корхонаси ишга туширилади

Дата: 13:12, 04-12-2015.

Тошкент. 4 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Конституция куни байрами арафасида қиймати $10 млнлик бирданига уч янги текстил корхонаси ишга туширилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ушбу инвестициявий лойиҳанинг амалга оширилиши ҳисобига йилига қўшимча 3,5 минг тонна калава ва 4,5 миллион дона тайёр буюм ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, 600 зиёд янги иш ўрни яратилади”, деб таъкидлашди “Ўзбекенгилсаноат” матбуот хизматида.

Хусусан, Тошкент вилоятидаги “Максим Гольд” МЧЖ негизида амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳа ниҳоясига етказилмоқда. Бу ерда йилига 3,5 минг тонна калава ишлаб чиқарилади. Инвестициявий лойиҳанинг қиймати $7 млн.

Андижон вилоятида қиймати $2,44 млнлик яна бир лойиҳа якунланмоқда. Банкротга учраган “Бобур” ОАЖ бўлимлари негизида 1 млн дона трикотаж буюм ишлаб чиқариш ташкил этилмоқда. Ушбу лойиҳа инвестори - “Lemon International” компанияси (Гонконг).

Шунингдек, Жиззах вилоятидаги “Дўстлик” машина-трактор парки негизида йилига 3,5 млн дона тайёр буюм ишлаб чиқариш ташкил этилмоқда. Мазкур инвестициявий лойиҳасининг қиймати $0,6 млнга тенг.

Янгилик билан ўртоқлашиш: