Ядро мамлакатлари БМТда Марказий Осиёда ядросиз ҳудуд ҳақидаги шартномага қўл қўйдилар

Дата: 20:09, 07-05-2014.

Тошкент. 7 май. ЎзТАГ – Беш ядроли мамлакат - Россия, АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Хитой – сешанба куни БМТнинг қароргоҳида 2009 йилда Марказий Осиё ҳудудида ядросиз ҳудудни ташкил қилиш ҳақидаги шартномага қўшимча протокол имзоладилар, дея хабар беради РЕГНУМ ахборот агентлиги.
Унга кўра, ушбу давлатлар Марказий Осиё мамлакатларига қарши ядро қуроли ишлатмаслик, таҳдид қилмаслик ёки ушбу ҳудудда ядро қуроли билан боғлиқ ишлаб чиқишни амалга оширмаслик мажбуриятини олдилар. Эндиликда ушбу ҳудудни яратиш учун қўшимча протоколни ратификация қилиш қолди.
Протоколни имзолаш жараёнида қатнашган БМТ Бош котибининг қуролсизланиш бўйича вакили Ангела Каненинг сўзларига кўра, “ушбу воқеа Марказий Осиёдаги ҳудудий ҳавфсизлик ва айни пайтда ядро қуролини тарқатмаслик бўйича глобаль миқёсдаги муҳим қадам бўлган”.
Марказий Осиёда ядросиз ҳудуд ҳақидаги шартнома аъзолари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳисобланади. Шартнома томонлари улар ҳудудларида ядро қуроли ва унинг қисмлари ёки бошқа ядро портлаш воситаларини ишлаб чиқариш, сотиб олиш ва жойлаштиришни таъқиқлаш мажбуриятини олдилар. Айни пайтда шартнома тинч ядро энергетикасини ривожлантиришни таъқиқламайди. Худди шу каби ядросиз ҳудудлар дунёнинг Лотин Америкаси, Африка, Тиня океани ва Жанубий Шарқий Осиё каби ҳудудларида ҳам мавжуд бўлиб, улар 100 ортиқ мамлакатларни бирлаштиради, деб ёзади агентлик.

Янгилик билан ўртоқлашиш: