Ягона интерактив давлат хизматлари портали эндиликда пенсионер ва иш берувчиларга хизмат кўрсатади
Тошкент. 7 июл. ЎзТАГ – Ягона интерактив давлат хизматлари порталида юридик шахслар ва фуқароларни Халқ банкининг жамғариб бориладиган пенсия тизимига ҳисобга қўйиш бўйича хизматлар йўлга қўйилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш марказидан хабар беришларича, порталда шахсий жамғариб борилувчи пенсия ҳисоблари бадаллар реестрларини қабул қилиш ва қайта ишлаш хизмати йўлга қўйилди.
Эндиликда юридик шахслар давлат рўйхатидан ўтганидан кейин Ягона портал орқали жамғариб бориладиган пенсия тизимига ҳисобга туришлари, ўз ишчиларини жамғариб бориладиган пенсия тизимига киритишлари мумкин. Шунингдек, улар жамғариб бориладиган пенсия тизимида қатнашаётган ходимлари ҳақида маълумотларни реестрга жўнатишлари мумкин.
Эслатиб ўтамизки, ҳозирда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари Ягона портал воситасида 23 йўналиш бўйича 230 интерактив хизматлардан фойдаланишлари мумкин. 600 ошиқ давлат органлари ва уларнинг таркибий қисмлари порталга уланган.