Ягона процессинг маркази пластик карталар билан боғлиқ фирибгарликлар ҳақида огоҳлантирди

Дата: 14:57, 26-04-2018.

Тошкент. 26 апрел. ЎзТАГ – Ягона умумреспублика процессинг маркази (ЯУПМ) пластик карталар билан боғлиқ фирибгарликлар ҳақида огоҳлантирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Молиявий фирибгарликлар билан боғлиқ такрорланувчи ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида Ягона умумреспублика процессинг маркази барча карта эгаларини огоҳ бўлишга чақирмоқда”, - дейилади ЯУПМ мурожаатида.

Шундан кейин таъкидланишича, қатор таҳририятлар томонидан ёрдам кўрсатиш мақсадида, ижтимоий тармоқлар орқали турли хайрия акциялари ўтказилиб келинаётганлигини кузатиш мумкин.

“Бундай тадбирларни ташкиллаштириш – эътиборга молик иш, бироқ фирибгарлар ўз мақсадларига етиш учун турли йўллардан фойланишларини ҳам эсдан чиқармаслик зарур. Ёрдамга муҳтож инсонлар учун бу каби тадбирлар уюштирилиши жуда муҳим, бироқ ҳадя қилинган маблағни қабул қилувчи карта эгаси зиммасида ҳам пластик картанинг хавфсизлигини таъминлашдек муҳим вазифа борлигини унутмаслигимиз лозим. Фирибгарлар эълон қилинган карта рақамини мобил иловага улаган ҳолда карта эгаси билан боғланиб уланиш кодини аниқлаб олишган, сўнгра йиғилган пул маблағларини онлайн режимда ўғирлашлари мумкин бўлган”, - дейилади марказнинг мурожаатномасида.

Шу билан бирга, мобиль иловалар томонидан ҳар бир карта эгаси эътиборига ҳавола этилган юридик маълумотда код рақамини учинчи шахсга тақдим қилиш мумкин эмаслиги кўрсатилган.

“Ўз навбатида, барча оммавий ахборот воситалари вакилларидан ташкиллаштирилаётган хайрия тадбирларини эълон қилишдан аввал карта эгасини пластик карта хавфсизлиги билан таништиришларини ва огоҳ қилишларини сўраймиз”, - деб хулоса қилинади ЯУПМ мурожаатида.

 

Сурат манбаи: https://ru.wikipedia.org/wiki/Uzcard

Янгилик билан ўртоқлашиш: