Яна 57 компания “Мирзо Улуғбек инновация” марказининг резидентлари бўлдилар
Тошкент. 22 январ. ЎзТАГ – Яна 57 компания “Мирзо Улуғбек инновация” марказининг (MUIC) резидентлари бўлдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) марказ матбуот хизматига асосланган ҳолда.
“MUIC инновация марказида 57 юридик шахсларга резидентлик мақомини тасдиқловчи сертификатларни топшириш маросими бўлиб ўтди”, - дейилади хабарда
Таъкидланишича, эндиликда марказ реестрида ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) соҳасида ишлайдиган 204 корхона рўйхатдан ўтган.
Эслатиб ўтамизки, инновация маркази резиденти мақоми IT-компанияларга Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 30 июндаги “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган имтиёз ва енгилликлар асосда ривожланишга имкон беради. Хусусан, Инновация маркази резидентлари 2028 йил 1 январгача бўлган муддатга барча турдаги солиқлар ва мажбурий ажратмалар, шунингдек ягона ижтимоий тўловни тўлашдан, божхона тўловлари тўлашдан, ўзи ишлаб чиқарадиган товарлар ни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотишдан озод этилади.
Сурат манбаи: http://shoroh1.blogspot.com/2015/05/2015_25.html