Янги миллий оператор ишни 2 млн рақам билан Тошкентдан бошлайди
Тошкент. 22 сентябр. ЎзТАГ – “Ўзбектелеком” миллий оператори ўзининг GSM стандартидаги янги тармоғи ишини Тошкентдан 2 млн рақам билан 2015 йилнинг бошида бошлайди, дея хабар қилади Газета.uz Алоқа, ахборотлаштириш вателекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раиси ўринбосари Алишер Файзуллаевга асосланган ҳолда.
Унинг сўзларига кўра, сентябр охирида технологик ускуналар етказиб берувчилар орасида янги конкурс эълон қилинади. Ускуналарни етказиб бериш ишлари эса 2014 йил охирида амалга оширилиши режалаштирилган. Бошида Тошкентда 2 млнгача рақамга эга бўлган тармоқ қуриш кўзда тутилмоқда.
Илгари “Ўзбектелеком” 2018 йилга бориб бутун республика бўйича GSM стандартида ишловчи тармоқни “Узмобайл” филиал асосида ишга туширишни режалаштираётганлиги, айни пайтда 2004 йилда йўлга қўйилган CDMA-450 стандартидаги тармоқни ҳам ишлатишда давом этиши ҳақида хабар қилинган эди. Ўшанда оператор рақамлар сиғими 8 млн бўлган 3,9 минг база станциялари ва 4 минг комплект радиореле ускуналари ўрнатиши айтилган эди. Қиймати $500 млнга баҳоланган лойиҳани Ўзбекистоннинг ўз маблағлари ва Хитой Тараққиёт банки кредити ҳисобига молиялаштириш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамизки, ҳозирда Ўзбекистоннинг энг йирик алоқа оператори Unitel МЧЖ (Vimpelcom Ltd холдинги бўлими) бўлиб, унинг абонентлари сони жорий йилнинг 6 ойи якунларига кўра 10,4 млнга етган. Бундан ташқари, мамлакатда GSM стандартида TeliaSoneraнинг шўъба корхонаси Coscom МЧЖ ҳам фаолият юритади. Бозорнинг қолган қисми CDMA стандартидаги “Узмобайл” ва RWC ҚК (Perfectum Mobile савдо белгиси) эгаллаган.
Июл охирида эса Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда “Мобильные телесистемы” ОАЖ (МТС) компанияси ишини сентябр охирида Universal Mobile Systems (UMS) ҚК ташкил этган ҳолда давом эттириш ҳақида қарор қабул қилди. Компанияни ташкил этиш ишлари сентябр охиригача якунланиши керак. UMS тармоғи 1 ноябрга ишга туширишга техник жиҳатдан тайёр бўлиши, 1 декабрдан эса тармоқ тўлиқ ишга тушиши зарур, деб ёзади нашр.