Янги қонунга мувофиқ камераларда бир кишига ажратиладиган майдон 2,5 кв. метрдан кам бўлмаслиги лозим

Дата: 12:26, 11-01-2017.

Тошкент. 11 январ. ЎзТАГ – Янги қонунга мувофиқ камераларда бир кишига ажратиладиган майдон 2,5 кв. метрдан, аёллар учун 3 кв метрдан кам бўлмаслиги лозим, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Ушбу меъёрлар “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонунда белгиланган.   

Хужжатда маъмурий қамоққа олинган шахслар махсус қабулхоналарда сақланади ва умумий камераларга ёки бир кишилик камераларга жойлаштирилиши таъкидланган.

Қонун маъмурий қамоқни шахсни жамиятдан вақтинча ажратиб қўйиш шароитларида сақлашдан иборат маъмурий жазо тури сифатида белгилаб беради. У уч суткадан ўн беш суткагача бўлган муддатга қўлланилади. Туман (шаҳар) суди маъмурий ишлар бўйича судьясининг қарори маъмурий қамоқни ўташ учун асос бўлади.

Маъмурий қамоққа олинган шахсларга алоҳида ётоқ жойи, кўрпа-тўшак, идиш-товоқ ҳамда овқатланиш анжомлари берилади. Маъмурий қамоққа олинган шахслар ўзининг кийим-боши, пойабзали ва шахсий гигиена воситаларидан фойдаланади. Маъмурий қамоққа олинган шахсларнинг шахсий хавфсизлиги таъминланади.

Бундан ташқари, қамоққа олинганлар ёзма розилиги билан ҳақ тўланадиган меҳнатга жалб қилинишлари мумкин.

Шу билан бирга, судьянинг қарорига мувофиқ маъмурий қамоққа олинган шахслардан махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар суткасига энг кам ойлик иш ҳақининг 15% миқдорида ундирилади. Меҳнатга лаёқотсиз шахслар харажатлар ўрнини қоплашдан озод қилиниши мумкин.

Эслатиб ўтамизки, 9 январда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 январь куни “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонунга имзо чекди. Хужжат “Народное слово” газетасида эълон қилинган ва расман чоп қилинганидан кейин икки йил ўтиб кучга киради. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: