Янги йўловчи поезди Бухоро ва Хивани боғлади

Дата: 14:37, 16-01-2019.

Тошкент. 16 январ. ЎзТАГ – Янги йўловчи поезди Бухоро ва Хива шаҳарларини боғлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“15 январда “Бухоро” темир йўл вокзалидан Хивага қараб 050-сонли Бухоро-Хива тез юрар йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилди”, - дейилади “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ахборот хизматининг хабарида.

Ушбу вагонлар “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” АЖ томонидан ишлаб чиқарилган. Поэзд 12 та вагондан иборат бўлиб Econom, Business ва VIP турларига бўлинган. Шинингдек, вагон-ресторан ҳам бор.

Қайд этилишича, поезд соат 12.05 да “Бухоро” вокзалидан ҳаракатланади ва шу куни соат 17.50 да “Хива” вокзалига етиб боради. Хива – Бухоро йўналишида эса ойнинг жуфт саналарида, соат 08.45да “Хива” вокзалидан ҳаракатланиб, шу куни соат 14.48да “Бухоро” вокзалига етиб боради.

Компания қисқа муддатда “Урганч” вокзалидан Хива шаҳригача умумий узунлиги 33,78 км (асосий йўл 29,6 км) бўлган янги темир йўлини бунёд этиб, йирик лойиҳани амалга оширди, деб урғу беради ахборот хизмати. Бундан ташқари, Хива шаҳрида 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга бўлган, замонавий вокзал ҳам қуриб битказилди. Лойиҳа қиймати $35,9 млнни ташкил қилди.

Истиқболда, Бухоро – Мискен – Хива темир йўл бўғинини электрлаштириш ишлари якунлангач, ушбу йўналиш бўйлаб Afrosiyob юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездлари қатновини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бунинг натижасида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ҳамда Хива шаҳарларини сайёҳларга мўлжалланган бир транспорт йўналишига бирлаштиришга эришилади.

Сурат манбаи: https://nuz.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: