Янги йилдан Ўзбекистонда алкоголнинг улгуржи ва чакана нархлари оширилади
Тошкент. 7 декабр. ЎзТАГ – 1 январдан Ўзбекистонда алкоголнинг улгуржи ва чакана нархлари оширилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Молия вазирлиги ва ДСҚ қўшма қарорига асосланган ҳолда.
“Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Двлат солиқ қўмитаси қарор қилади: алкогол маҳсулотларининг энг кам улгуржи ва чакана нархлари қайта кўриб чиқилсин (пиводан ташқари)”, - дейилади қарорда.
Хужжатга мувофиқ, ишлаб чиқарувчилар учун винонинг корхона белгилаган улгуржи нархининг энг ками 1 литри учун 4500 сўмдан 5400 сўмгача (16,6%), энг арзон чакана қиймати 5400 сўмдан 6500 сўмгача (20,3%) оширилади.
Конякнинг энг қуйи улгуржи нархи эса 13900 сўм ўрнига 17200 сўм (23,7%), чакана нархлар эса 16700 сўм ўрнига 20600 сўмга (+23,3%) кўтарилади.
Ароқ ва бошқа алкоголь маҳсулотларининг энг қуйи улгуржи нархи аввалги 10550 сўм ўрнига 12900 сўм қилиб (22,8%), чакана нархи эса 12600 сўм ўрнига 15500 сўм (23%) қилиб белгиланади.
Хужжат 2017 йил 1 январдан кучга киради.
Тушунтирилишича, алкоголь маҳсулотларининг энг арзон нархлари алкоголь маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқариш ва сотишга йўл қўймаслик мақсадида белгиланмоқда. Алкоголь маҳсулотларини бундан арзон баҳога сотиш таъқиқланади.
Ишлаб чиқарувчи компаниялар ва чакана савдо корхоналарининг алкоголь маҳсулотларини белгиланган нархлардан арзонга сотиши жарима жазосига, айбдор шахслар эса жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамизки, турли хилдаги алкоголь маҳсулотларининг баҳолари сўнгги марта 2016 йил 1 январда оширилган эди.
$1=3189,93 сўм