Янги Ўзбекистон аэронавтика федерацияси ҳаво шарларида учишларни режалаштирмоқда

Дата: 15:51, 18-01-2017.

Тошкент. 18 январ. ЎзТАГ – Йил бошида рўйхатга олинган янги Ўзбекистон аэронавтика федерацияси 2017 йил охирига бориб ҳаво шарларида учишларни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Газета.uz нашри хабарига кўра, янги федерациянинг мақсади – ҳавода учиш ва ҳавода учиш спортини ривожлантиришдан иборат. Ҳаво шарида саёҳатга келсак, уни аввал Чимён тизмасида ташкил этиш, кейинчалик бутун мамлакат бўйлаб тарқатиш режалаштирилмоқда.

Тоҳир Солиев янги федерация раиси бўлди. Унинг сўзларига кўра, ташкилот янги туристик хизматларни ривожлантиришга кўзда тутмоқда. Ҳозирдаёқ Россиянинг “Русбал” илмий ишлаб чиқариш корхонасидан дастлабки учта ҳавода парвоз қилиш ускунаси жамланмасига буюртма берилди.

Кузда Чорвоқ сув омбори қирғоқларида ҳавога учириш режалаштирилмоқда. Кейинги режалар қаторидан Ҳавода учиш бўйича 2018 ёки 2019 йилги Осиё чемпионатида иштирок этиш ҳам ўрин олган.

Тоҳир Солиевнинг таъкидлашича, аэростатик кемалар ва учувчисиз учиш аппаратларининг имкониятлар катта. Улар табиий объектлар ҳолатини кузатиши, фавқулодда ҳолатларда асқотиши, табиат ва ҳайвонот дунёси мониторинги, ҳавонинг ҳолатини кузатиш кабиларда қўл келиши мумкин.

Шунингдек, Тоҳир Солиев жиддий касалликларга эга болалар учун ҳаво шарларида саёҳат уюштириш ниятида эканлигини ҳам сўзлаб берди. “Буни албатта амалга оширамиз”, - дейди у.

Янгилик билан ўртоқлашиш: